Бутун дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига қарши кураш ва аҳоли истеъмоли учун ички бозорни сифатли дон маҳсулотлари билан таъминлашда, маҳаллий шароитларимизга мос, юқори ҳосилли уруғлик дон етиштириш ҳам, ўзининг алоҳида ўрнига эга.
Шу мақсадда, Жиззах вилоятида 233 та уруғчилик фермер хўжаликлари томонидан 6,4 минг гектар майдонлардан жами 22,6 минг тонна уруғлик дон етиштириш белгиланган.
Уруғлик дон етиштирувчи қишлоқ хўжалик корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан бугунги кунда, 1,2 минг гектар “Супер элита” авлодли, 5,0 минг гектар “Элита” авлодли ва 0,2 минг гектар “Р-1” авлодли уруғлик дон, алоҳида навлар бўйича парвариш қилинмоқда.
Хусусан, ғалланинг “Гром”, “Васса”, “Алексевич”, “Аср”, “Гурт”, “Веха”, “Антонино” ва бошқа навларидан уруғлик дон етиштириляпти.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 641-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида, уруғлик ғалла майдонларини апробация жараёнига тайёрлаш мақсадида, уруғлик майдонларида хўжаликнинг номи, уруғлик ғалла нави, авлоди ва майдони акс эттирилган паннолар ўрнатилиши, камида икки мартадан ажралиши қийин бўлган бегона ўтлардан, навлардан ўтоқ қилиш, тозалаш ишларининг ўтказилиши юзасидан мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспексия”нинг вилоят бошқармаси ва тегишли соҳа ташкилотлари мутахассислари билан биргаликда ўтказилган мониторинглар давомида, шу кунгача 506 гектар уруғлик ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирлар талаб даражасида амалга оширилмаганлиги сабабли, яроқсиз деб топилиб, тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиши назоратга олинди.
Вилоятда келгуси йил ҳосили учун юқори сифатли уруғлик дон етиштиришни таъминлаш юзасидан Инспекциянинг туман бўлимлари томонидан “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунинг 8-моддаси ва мазкур қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 21-бандларига асосан, 220 та фермер хўжаликлари раҳбарларига тегишли тартибларда огоҳлантириш хатлари бериб борилмоқда.
Инспекциянинг Жиззах вилояти бошқармаси
Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш шўбаси бошлиғи Ў.Қаршибоев