Ру Ўз O`z En

МАВСУМ ОЛДИ КОМБАЙНЛАР ШАЙ ҲОЛАТГА КЕЛТИРИЛМОҚДА

5 Май 2025 53

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишда соҳа вакиллари олдида доимо улкан масъулият туради.

Айниқса, пишиб етилиш арафасида турган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмай, қисқа муддатларда сифатли қилиб ўриб олиш ҳозирда нафақат деҳқонларимиз балки соҳага алоқадор ташкилотлар олдида турган энг долзарб вазифалардан бири саналади. 

“Ўзагроинспексия”нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан туманларда 2025 йил ғалла ўримида қатнашадиган дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш ишлари устидан доимий назорат ўрнатилган.

Жорий йилги мавсумда Республика бўйича жами 157 дона дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш режалаштирилган.

Ушбу комбайнларнинг 37 донаси “Кейс” ва “Ню Холланд”, 115 донаси “Класс”, 5 донаси “Вектор" русумли комбайнлар ташкил этади.

Бу йилдан комбайнларни мавсумга тайёрлашнинг янги тизим жорий этилиб, бунда аввало ҳудудларда комбайнларни марказлашган ҳолда сифатли таъмирини ташкил этиш мақсадида дислокация манзиллари аниқлаб олинди.

Ушбу масканларда таъмирлаш учун моддий-техника таъминоти (темирчилик цехи, пайвандлаш аппарати, станоклар ва бошқалар) билан таъминланди, шунингдек, таъмирлаш ишларига жалб этилган ишчи-хизматчилар учун иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароитлар ташкил этилди.

Таъмирлаш масканларига киритилган 157 дона комбайнлар сервис корхоналари мутахассислари иштирокида бирма-бир кўздан кечирилиб, жами 3152,0 млн/сўмлик талаб этиладиган эҳтиёт қисмлари рўйхати шакллантирилиб, ҳар бир комбайнга алоҳида дефект актлари тузилди ва ушбу дефект актлари асосида таъмирлаш ишларига киришилди.

Таъмирлаш ишларининг тизимли ташкил этилиши натижасида, бугунги кун ҳолатига 143 дона ёки 91 фоиз комбайнларнинг таъмирлаш ишлари якунланиб, 2858,8 млн/сўмлик эҳтиёт қисмлари учун талаб этиладиган маблағлари ўзлаштирилди.

Жумладан, Амударё туманида мавсумда қатнашадиган ғалла ўриш комбайнлари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, ҳудудий комиссиялар томонидан 10-15 км масофага юргизилиб, уларнинг ишчи органлари чиниқтирилиб, мавсумга қай даражада шай ҳолатда эканлиги ўрганилди.

 Шунингдек, таъмирланиши лозим бўлган  ғалла ўриш комбайнларига тажрибали мутахассислар бириктирилиб, таъмирлаш ишларини қисқа кунлар ичида якунлаш чоралари кўрилмоқда. 

Республикада таъмирдан чиққан ғалла ўриш комбайнларини белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказиш тадбирлари амалга оширилмоқда.  

 

“Ўзагроинспексия”нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси

 Техника ҳолатини назорат қилиш шўбаси  бошлиғи - Азат АЙТЖАНОВ

Text to speech